2022 йилнинг бошида Сирдарё вилоятида жойлашган “Bunyod Gold” корхонасида узум данагидан мой олиш технологияси ишга тушди. Ушбу лойиҳанинг умумий қиймати 2,7 млрд. сўм бўлиб, ундан Инновацион ривожланиш вазирлигининг гранти 1,6 млрд. сўмни ташкил қилади. Янги корхона, олдин Ўзбекистонда деярли фойдаланилмайдиган, вино заводлари чиқиндиси - узум данакларидан хом-ашё сифатида фойдаланади. “Республикада йилига 5000 тоннагача узум данагидан самарасиз фойдаланиб келинарди. Ушбу завод ишга тушиши натижасида ундан йилига 50 тоннага яқин узум ёғи олинмоқда. Бу иқтисодиётга катта фойда келтиради”, деди корхона директори Шокир Яриев. Заводда 8 нафар мутахассис ишлайди. Корхона йилига 50 тоннага яқин тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда узум ёғи “совуқ сиқиш” услубида ишлаб чиқарилади. Бунда узум данаклари дастлаб қуритилади ва майдаланади, шундан сўнг эса юқори босим остида сиқиб мой олинади. Айни дамда Ўзбекистон ички бозорида узум данагидан олинган ёғ учун талаб у қадар юқори бўлмаса-да, хорижда ушбу мойнинг 1 литри 5 доллардан 25 долларгача сотилади, - дейди корхона вакили. “Ҳозирда сирдарёда ишлаб чиқарилаёган узум мойига Россия ва Туркиянинг косметология корхоналари қизиқиш билдирмоқда. Уларга ишлаб чиқарилган ёғдан намуналар юборилган. Қатъий техник регламент асосида иш режаси тақсимланган. Маҳсулотни хориждаги косметика ишлаб чиқарадиган заводларга хомашё сифатида ҳам экспорт қилмоқчимиз”, дейди мутахассис. Мутахассис айтишига кўра, келгусида ёғ олишдан қолган қолдиқларни қайтадан ишлов бериб, ун яратиш технологияси устида ишланади. Нон маҳсулотларига узум данагининг уни қўшилади, бу ўша маҳсулотнинг узоқ муддат сифати бузилмаслигини таъминлайди. Узум данаги ёғи косметика саноатида, шунингдек, тиббиёт ва пазандачиликда кенг қўлланилади. Мисол учун, Россияда узум данаги ёғидан 100 дан ортиқ турдаги косметика маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Булар турли хил кремлар, пилинг ва юз маскалари, юз ва тана фитнес массажи учун мойлар, биоскраб ва бошқалардир. Узум данаги кукунини эса табиий совун ва шампун ишлаб чиқаришда ишлатилади. Узум данаги ёғи фармакологияда ҳам кенг қўлланилади: атеросклероз, тромбоз, гипертонния, ишемик касалликлар, инсульт ва инфарктни даволаш, варикоз, ретинопатия, геморрой ва бошқа касалликларни даволашда.
Hide player controls
Hide resume playing